Баъзан инсон атрофида қанча одам бўлмасин, ўзини ёлғиз ҳис қилади. Унинг ёнида дўстлари, оиласи, танишлари бўлиши мумкин. Аммо барибир қалбида қандайдир бўшлиқ сезилади. Чунки ёлғизлик ҳар доим ҳам ёнингда ҳеч ким йўқлигини англатмайди. Баъзан ёлғизлик — сени ҳеч ким тушунмаётгандек туюлишидир. Балки сен ҳам бирор марта ўзингга: «Нега мени ҳеч ким тушунмайди? Нега менинг ҳисларимни ҳеч ким сезмайди?» деган саволларни бергандирсан. Биласанми, бу саволларни беришинг сенинг заифлигингни англатмайди. Сен ҳам инсонсан. Сенинг ҳам ҳисларинг, орзуларинг, қўрқувларинг ва умидларинг бор. Баъзан уларни кимгадир айтишни истайсан, баъзан эса ўзинг ҳам нима ҳис қилаётганингни тушунмай қоласан. Лекин бир нарсани англашинг керак: одамлар сени ҳар доим ҳам тушуна олмаслиги мумкин. Чунки улар сенинг ўрнингда яшамаган, сен кўрган кунларни кўрмаган, сен ҳис қилган туйғуларни ҳис қилмаган.
Аммо Аллоҳ-чи?
У сенинг қалбингдаги ҳар бир ҳолатдан хабардор. Сен ҳали сўз билан ифодалай олмаган нарсаларни ҳам У билади. Сенинг қандай кунларни бошдан кечираётганинг, нимадан хавотирланаётганинг ва нимани орзу қилаётганинг Унга махфий эмас. Шунинг учун одамлардан тушунишни кутиб, ўзингни унутма. Ҳаммага ёқишга, ҳамманинг кўнглини олишга ёки ўзингни бошқаларга исботлашга мажбур эмассан.
Баъзан ўзинг билан суҳбатлаш. Қалбингни тингла. Нималар сени қийнаётганини англашга ҳаракат қил. Ва энг муҳими, Аллоҳ билан бўлган боғлиқлигингни мустаҳкамла. Намозингда, дуоларингда, шукрингда Унга яқин бўл. Чунки қалб ҳақиқий оромни Яратганини эслашдан топади.
Эҳтимол, сен ҳозир ҳаётингнинг қийин бир босқичидадирсан. Аммо бу босқич бутун умринг шундай ўтади дегани эмас. Ҳар бир янги кун — янги имконият. Ҳали сени кутayotgan қувончли кунлар, гўзал учрашувлар ва амалга ошадиган орзулар бор. Ўзингни ёлғиз ҳис қилганингда, ёлғиз қолганингни ўйлама. Чунки сенинг энг оғир сукутингни ҳам эшитувчи, энг яширин дардингни ҳам билувчи Аллох бор.
Izohlar
0