Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Баъзан инсоннинг қалбида шундай гаплар бўладики, уларни ҳеч кимга айтиб бўлмайди. На қоғозга сиғади, на бировга тушунтириш мумкин. Инсон кулиб юради, атрофдагилар билан суҳбатлашади, кундалик ишларини бажаради. Аммо унинг қалбида нималар кечаётганини ҳеч ким билмайди. Балки сен ҳам шундай кунларни бошдан кечиргандирсан. Ҳамма нарса жойидадек кўринади, лекин ич-ичингда нимадир етишмаётгандек туюлади. Ким биландир гаплашгинг келади, аммо кимга мурожаат қилишни билмайсан. Баъзан эса шунчаки кимдир сени тушунишини, савол бермасдан ҳолингни ҳис қилишини истайсан.
Биласанми, инсон доимо кучли бўлиши шарт эмас. Ҳар доим табассум қилишга, ҳамма нарсага чидашга ёки ўзини яхши ҳис қилаётгандек кўрсатишга мажбур эмас. Чунки қалб ҳам чарчайди. Унга ҳам ором, таскин ва меҳр керак. Аммо бир нарсани ҳеч қачон унутма: сенинг айтилмаган гапларинг ҳам Аллоҳга маълум. Ҳеч ким эшитмаган муножотларингни ҳам У эшитади. Ҳеч ким сезмаган дардларингни ҳам У билади.
Одамларга тушунтиролмаган ҳолатларинг учун ўзингни айблама. Ахир ҳар бир инсоннинг қалбида фақат ўзи ва Яратгани биладиган бир олам бор. Баъзан сенга одамларнинг тасаллиси эмас, Аллоҳга яқинлик керак бўлади. Шундай пайтларда дуога қўл оч. Ҳамма гапларингни Унга айт. Чунки дуо — қалбнинг Роббисига мурожаатидир. Эҳтимол, бугун сен кутган жавобни олмагандирсан. Балки бирор орзуинг амалга ошмагандир. Балки кимдир сени тушунмагандир. Лекин бу ҳаётингда яхшилик қолмади дегани эмас. Ҳар бир куннинг ўз ҳикмати, ҳар бир синовнинг ўз сабоғи бор. Сен эса ҳали олдинда қанча гўзал кунлар борлигини билмайсан. Шунинг учун ўзингга бир нарсани эслат: Сенинг қадринг одамларнинг сенга бўлган муносабати билан ўлчанмайди. Сенинг ҳолатингни ҳамма тушуниши шарт эмас. Чунки сени яратган Аллоҳ сени билади. Қалбингдаги гапларни яширишинг мумкин, аммо уларни Аллоҳдан яшира олмайсан. Ва бу — сен учун энг катта тасаллилардан биридир.
Izohlar
0